كَيْفِيَّةُ صَلَاةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши
لِفَضِيلَةِ الشَّيْخِ العَلَّامَةِ
عَبْدِ العَزِيزِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بَازٍ
غَفَرَ اللَّهُ لَهُ وَلِوَالِدَيْهِ وَلِلْمُسْلِمِينَ
Шайх ҳазратлари
Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Яккаю-ягона Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг бандаси ва расули Пайғамбаримиз Муҳаммадга, У кишининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Ушбу рисолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши баёнланган. Ҳар бир киши танишиб, эргашишга ҳаракат қилсин дея барча мусулмон эркагу аёлга уни тақдим қилишни хоҳладим. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
(صَلُّوا كَمَا رَأَيْتُمُونِي أُصَلِّي).
«Мен қандай намоз ўқиётган бўлсам, ўшандай намоз ўқинглар!», деганлар.1
Ҳурматли китобхонга бунинг баёни:
1. Мукаммал таҳорат қилмоқ. Намозхон Аллоҳ таолонинг:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِذَا قُمۡتُمۡ إِلَى ٱلصَّلَوٰةِ فَٱغۡسِلُواْ وُجُوهَكُمۡ وَأَيۡدِيَكُمۡ إِلَى ٱلۡمَرَافِقِ وَٱمۡسَحُواْ بِرُءُوسِكُمۡ وَأَرۡجُلَكُمۡ إِلَى ٱلۡكَعۡبَيۡنِ...﴾.
«Эй мўминлар, намоз ўқимоқчи бўлганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқлари билан ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз!» [Моида сураси: 6] деган сўзига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
(لَا تُقْبَلُ صَلَاةٌ بِغَيْرِ طُهُورٍ).
«Таҳоратсиз намоз қабул қилинмайди», деган сўзларига2 ҳамда намозини ёмон ўқиган кишига:
(إِذَا قُمْتَ إِلَى الصَّلَاةِ، فَأَسْبِغِ الْوُضُوءَ).
«Агар намозга турсанг, таҳоратни мукаммал қилиб ол»,3 деган сўзларига биноан тўлиқ таҳорат олади.
2. Бутун вужуди билан қибла, яъни, Каъба томонга юзланиб, ўқимоқчи бўлган фарз ёки нафл намозини қалбидан ният қилади. Ниятни тили билан талаффуз қилмайди, чунки ниятни тил билан нутқ қилиш жоиз эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалари (разияллоҳу анҳум) ҳам бундай қилмаганлар.
Намозхон имом бўлиб ёки бир ўзи ўқимоқчи бўлса, олди томонига сутра қўйиб олади ва унга қараб намоз ўқийди.
Қиблага юзланмоқ намознинг шартларидан биридир. Аҳли илмларнинг китобларида (яъни фиқҳ китобларида) баён қилинган муайян истисно ҳолатларидагина қибла шарт даражасидан тушади.
3. Такбири таҳримада (намозни бошловчи такбирда) нигоҳни сажда ўрнига қаратган ҳолатда «Аллоҳу акбар», дейди.
4. Такбир айтар экан, қўлларини елка баробарида ёки қулоқларининг рўпарасигача кўтаради.
5. Қўлларини кўкрак устига қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадисга биноан, ўнг қўлини чап кафтининг ёки билак узук соҳасининг ёки билагининг устига қўйиб туради.
6. Истифтоҳ дуосини (яъни намозни очувчи дуони) ўқиши суннатдир:
(اللَّهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وبيْنَ خَطَايَايَ، كَمَا بَاعَدْتَ بيْنَ المَشْرِقِ والمَغْرِبِ، اللَّهُمَّ نَقِّنِي مِنَ الخَطَايَا كما يُنَقَّى الثَّوْبُ الأبْيَضُ مِنَ الدَّنَسِ، اللَّهُمَّ اغْسِلْ خَطَايَايَ بالمَاءِ والثَّلْجِ والبَرَدِ).
«Аллоҳумма баъид байний ва байна хатойайаа, кама баъадта байнал-машриқи вал-мағриб. Аллоҳумма наққини минал-хотоя камаа юнаққос-савбул-абйаду минад-данас. Аллоҳум-мағсил хотойайаа бил-мааи вас-салжи вал-барод».4
Маъноси: «Аллоҳим, мен билан хатоларим ўртасини машриқ билан мағрибнинг ўртасини йироқ қилганингдек узоқ қилгин! Аллоҳим, мени хатоларимдан худди оппоқ либос кирлардан поклангандек пок қилгин. Аллоҳим, мени хатоларимдан қор, сув ва дўл билан ювгин-поклагин».
Истаса бунинг ўрнига қуйидаги дуони ўқийди:
(سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وبِحَمْدِكَ، وَتَبَارَكَ اسْمُكَ، وَتَعَالَى جَدُّكَ، ولَا إلَهَ غَيْرُكَ).
«Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарокасмук ва таъаалаа жаддук ва лаа илааҳа ғойрук».5
Маъноси: «Аллоҳим, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳ айтдим. Сенинг исминг баракотли, улуғлигинг олий ва Сендан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир». Булардан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бошқа истифтоҳ дуоларини ўқиса ҳам бўлаверади. Баъзан буни, баъзан уни ўқиши афзал. Зеро, бу комил эргашишликдир.
Сўнгра «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дейди ва Фотиҳа сурасини ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
(لَا صَلَاةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بفَاتِحَةِ الكِتَابِ).
«Фотиҳатул китобни (яъни Фотиҳа сурасини) ўқимаган кишининг намози намоз эмас», деганлар.6 Фотиҳа сурасининг охирида жаҳрий намоз бўлса жаҳрий, махфий намоз бўлса ичида «аамийн», дейди. Сўнгра Қуръондан билган сурасини ўқийди. Қироатда афзал бўлгани, бу борада ворид бўлган ҳадисларга биноан, пешин, аср ва хуфтон намозларида ўрта ҳажмдаги муфассал суралардан, бомдодда узун муфассал суралардан, шомда баъзан узун, баъзан қисқа муфассал суралардан ўқийди.
7. Такбир айтиб, қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб рукуъга боради. Рукуъда қўлларини тиззаларига бармоқ ораларини очган ҳолда қўяди ва бошини бели билан бир хил текисликда тутади. Рукуъда хотиржам туриб, «Субҳана роббиял ъазийм», дейди. Бу зикрни уч марта ёки кўпроқ айтиш афзалдир.
Бу билан бирга қуйидаги дуони айтиш мустаҳаб:
(سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي).
«Субҳаанакаллоҳумма ва бихамдика, Аллоҳуммағъфир лии».7
Маъноси: «Аллоҳим, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг ила тасбеҳ айтдим. Аллоҳим, мени мағфират қилгин».
Рукуъдан «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» , деб қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб, бошини кўтаради. Мазкур зикрни имомлик қилганда ёки якка ўзи ўқиганда айтади. Рукуъдан тургандан кейин ушбу дуони айтади:
(رَبَّنَا ولَكَ الحَمْدُ حَمْدًا كَثِيرًا طَيِّبًا مُبَارَكًا فِيهِ مِلْءَ السَّمَواتِ ومِلْءَ الأرضِ، ومِلْءَ ما شِئتَ مِن شيءٍ بَعدُ).
«Роббана ва лакал-хамд, ҳамдан касийрон тоййибан мубаарокан фийҳи, милаъс-самааваати ва милаъл-арди, ва милъа маа шиъта мин шайъин баъд».8
Маъноси: «Раббимиз, Сенга кўп, ҳақиқий-риёсиз, муборак-хайрлилиги мўл ҳамд бўлсин. Осмонлару Ер ва улар ўртасидаги нарсалар миқдорича, яна Ўзинг хоҳлаган нарса миқдорича ҳамд бўлсин!».
Муқтадий (имомга иқтидо қилувчи)лар рукуъдан турганда фақат юқорида зикри ўтган «Роббана ва лакал ҳамд» деб бошланган дуони охиригача ўқийди. Яъни «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтмайди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлгани учун имом, муқтадий ва бир ўзи ўқиётган киши уларнинг ҳар бири қуйидаги дуони ҳам айтсалар, янада яхши бўлади:
(أهْلَ الثَّنَاءِ والْمجْدِ، أحَقُّ مَا قَالَ العَبْدُ، وكُلُّنَا لَكَ عَبْدٌ: اللَّهُمَّ لَا مَانِعَ لِمَا أعْطَيْتَ، ولَا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، ولَا يَنْفَعُ ذَا الجَدِّ مِنْكَ الجَدُّ).
«Аҳлас-санаи вал-мажд, аҳаққу маа қолал-ъабд, ва куллуна лака ъабд. Аллоҳумма, ла мааниъа лима аътойта ва ла муътийа лима манаъта ва ла янфаъу зал-жадди минкал-жадд».9
Маъноси: «Мақтов ва улуғлик соҳибисан. Қулинг айтган нарсага энг ҳақли Зотсан. Барчамиз Сенга қулмиз. Аллоҳим, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқдир. Сенинг олдингда улуғлик эгасига улуғлиги фойда бера олмас». .
Воил ибн Ҳужр ва Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисга кўра, намозхон рукуъдан турганида худди рукуъдан олдин қўлларини кўкрак устига қўйиб турганидек, кўкрак устига қўйиб туриши мустаҳаб.
9. Такбир айтиб саждага боради. Имкони бўлса, қўлларидан олдин тиззасини ерга қўяди. Агар бу машаққат туғдирса, биринчи қўлларини ерга қўяди. Саждада қўл ва оёқ бармоқлари қиблага қараган, қўл бармоқлари бирлаштирилган ва ёзилган ҳолатда бўлади. Етти аъзо: пешона билан бурун, икки қўл кафти, икки тизза ва икки оёқ бармоқларининг ички юзаси билан сажда қилиб «Субҳана роббиял аълаа», дейди. Бу зикрни уч марта ва ундан ҳам кўпроқ айтиши суннатдир. Бу зикр билан бирга қуйидаги дуони айтиши мустаҳаб саналади:
(سُبْحانَكَ اللَّهُمَّ رَبَّنا وبِحَمْدِكَ، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي).
«Субҳаанакал-лоҳумма Роббанаа ва бихам-дика, аллоҳуммағфир лии».
Маъноси: «Аллоҳим, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Раббимиз, Сенинг ҳамдинг ила тасбеҳ айтдим. Аллоҳим, мени мағфират қилгин». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра, саждада кўп дуо қилинади:
(أَمَّا الرُّكُوعُ، فَعَظِّمُوا فِيهِ الرَّبَّ، وَأَمَّا السُّجُودُ، فَاجْتَهِدُوا فِي الدُّعَاءِ، فَقَمِنٌ أَنْ يُسْتَجَابَ لَكُمْ).
«Рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилинглар, зеро, сажда ҳолати сиз учун ижобат қилинишга энг муносиб ўриндир!».10
Хоҳ фарз, хоҳ нафл намози бўлсин, саждада Аллоҳдан дунё ва охират яхшиликларини сўрайверади. Саждада турганда тирсакларини ёнларидан, қорнини сонларидан, сонларини болдирларидан узоқлаштиради ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан тирсакларини ердан кўтаради:
(اعْتَدِلُوا في السُّجُودِ، ولَا يَبْسُطْ أحَدُكُمْ ذِرَاعَيْهِ انْبِسَاطَ الكَلْبِ).
«Саждада мўътадил туринглар. Сизлардан бирингиз билакларини итнинг чўзиб ўтиришидек (ерга) тўшаб олмасин!».11
10. Саждадан такбир айтиб бошини кўтаради ва чап оёғини тўшаб, устига ўтиради, ўнг оёғини эса тик қилиб, қўлларини сонлари ва тиззалари устига қўйиб хотиржам ўтиради ва қуйидаги дуони айтади:
(رَبِّ اغْفِرْ لِي وَارْحَمْنِي وَاهْدِنِي وَارْزُقْنِي وَعَافِنِي وَاجْبُرْنِي).
«Роббиғфир лий, варҳамний, важбурний, ваҳдиний, варзуқний, ва ъаафиний».12
Маъноси: «Аллоҳим, мени мағфират эт, менга раҳм қил, мени ҳидоят қил, менга ризқ бер, мени ўнгла ва офият (соғлик) ато эт!».
11. Такбир айтиб иккинчи саждага боради ва биринчи саждада қилган амалларини такрорлайди.
12. Яна такбир айтиб саждадан бошини кўтаради ва икки сажда орасида ўтиргани каби бироз ўтиради. Бу «жалсатул истироҳа» деб аталади ва бу мустаҳаб амалдир. Буни қилмаса ҳам зарари йўқ. Бу ўтиришда зикр ҳам, дуо ҳам йўқдир. Сўнгра ўзига қулай бўлса, тиззаларига таяниб, агар ноқулай бўлса, ерга қўли билан таяниб иккинчи ракаатга туради. Сўнгра Фотиҳа сурасини ва ундан кейин Қуръондан ўзига осон бўлган бирор сурани ўқийди. Кейин эса биринчи ракаатда қилган амалларини қайтадан қилади.
13. Агар намоз бомдод, жумъа, икки ҳайит намози сингари икки ракаатлик бўлса, иккинчи саждадан бошини кўтариб, ўнг оёғини тик қилиб чап оёғини тўшаб устига ўтиради. Ўнг қўлини ўнг сони устига қўйиб, кўрсаткич бармоғидан бошқаларини йиғиб (яъни мушт қилиб), кўрсаткич бармоғини кўтариб Аллоҳнинг якка эканига ишора қилади. Ёки жимжилоқ ва номсиз бармоқни йиғиб, бош ва ўрта бармоқларини ҳалқа қилиб, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилади. Зеро бу икки сифат ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган. Гоҳида бундай, гоҳида ундай қилиши эса афзалдир. Чап қўлини эса, чап сони ва тиззасининг устига қўяди.
Мазкур ҳолатда ўтириб, ташаҳҳудни ўқийди:
(التَّحِيَّاتُ للهِ والصَّلَوَاتُ والطَّيِّبَاتُ، السَّلَامُ عَلَيْكَ أيُّها النَّبيُّ ورَحْمَةُ اللهِ وبَرَكَاتُهُ، السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ الله الصَّالِحِينَ، أَشْهَدُ أنْ لا إلَهَ إلَّا اللهُ وأَشْهَدُ أنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ ورَسولُهُ).
«Аттаҳиййату лиллаҳи вас-солаваату ват-тоййибаат. Ассалааму ъалайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Ассалааму ъалайнаа ва ъалаа ъибадиллаҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ».
Маъноси: «Саломлар, намозлар ва тоййиба-покиза сўзу амаллар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин. Бизга ҳамда Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ҳамда расулидир». Сўнгра ушбу салавотни ўқийди:
(اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إبْرَاهِيمَ؛ إنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ، وَبَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إبْرَاهِيمَ؛ إنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ).
«Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад, камаа соллайта ъала Иброҳима ва ъала аали Иброҳим. Иннака Ҳамидум Мажид. Ва баарик ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад, камаа баарокта ъала Иброҳима ва ъала аали Иброҳим. Иннака Ҳамидум Мажид»13
Маъноси: «Аллоҳим, Иброҳимга ва унинг оиласига раҳмат этганинг каби Муҳаммадга ва унинг оиласи-умматига ҳам раҳм қил. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан. Аллоҳим, Иброҳимга ва унинг оиласига баракот-хайр ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг оиласи-умматига ҳам баракот-хайр ато эт. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан».
Кейин тўрт нарсадан Аллоҳдан паноҳ тилайди:
(اللَّهُمَّ إنِّي أَعُوذُ بِكَ مِن عَذَابِ جَهَنَّمَ، وَمِنْ عَذَابِ القَبْرِ، وَمِنْ فِتْنَةِ المَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ شَرِّ فِتْنَةِ المَسِيحِ الدَّجَّالِ).
«Аллоҳумма инни аъузу бика мин ъазаби Жаҳааннама, ва мин ъазабил қобр, ва мин фитнатил маҳйа валмамаат, ва мин шарри фитнатил масиҳид-дажжаал».14
Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда масиҳи Дажжол фитнасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман».
Сўнгра дунёю охират яхшиликларидан истаганини сўрайди. Фарз намози бўлса ҳам, нафл бўлса ҳам ота-онасининг ёки бошқа мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилишининг зарари йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Масъудга ташаҳҳудни ўргатганлиги ҳақидаги ҳадисда:
(ثُمَّ لِيَتَخَيَّرْ مِنَ الدُّعَاءِ بَعْدُ أَعْجَبَهُ إِلَيْهِ فَيَدْعُو).
«Сўнгра ўзига ёққан дуони танлаб дуо қилаверади»,15 ҳадиснинг бошқа бир лафзида эса,
(ثُمَّ لِيَخْتَرْ مِنَ الْمَسْأَلَةِ مَا شَاءَ).
«Сўнгра хоҳлаган тилагини тилайверади»,16 дейилган умумийликка кўра, киши дунё ва охиратга тааллуқли барча нарсани сўраши мумкиндир. Сўнгра ўнг ва чап томонига «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», деб салом беради.
14. Агар намоз шом каби уч ракаатлик, пешин, аср ва хуфтон каби тўрт ракаатлик намоз бўлса, икки ракаатдан кейин ташаҳҳудга ўтириб, мазкур ташаҳҳуд ва салавотни ўқийди. Сўнгра икки тиззасига таяниб, такбир айтиб, қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб ўрнидан туради ва юқорида ўтганидай қўлларини кўкрак устига қўяди. Фотиҳа сурасининг ўзини ўқийди, пешиннинг учинчи ва тўртинчи ракаатида баъзан Фотиҳадан кейин бирор сурани ўқиса зарари йўқдир. Зеро, Абу Саид разияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда бунга далил бор.
Сўнгра шом намозининг учинчи, пешин, аср ва хуфтон намозининг тўртинчи ракаатида худди икки ракаатлик намозда ўқигани сингари ташаҳҳуд ўқийди. Сўнгра икки томонига салом бериб, уч марта «астағфируллоҳ», дейди ва шундай дейди:
(اللَّهُمَّ أَنْتَ السَّلَامُ وَمِنْكَ السَّلَامُ، تَبَارَكْتَ يا ذَا الجَلَالِ وَالإِكْرَامِ).
«Аллоҳумма антас-салаам ва минкас-салаам, табаарокта яаа заль-жалаали вал-икроом».17
Маъноси: «Аллоҳим, Сен Саломдирсан. Салом Сендандир. (Яъни, саломатлик фақат Сен томонингдан). Эй улуғлик ва икром соҳиби, Сен айбу нуқсондан пок ва муқаддасдирсан». Агар имомлик қилган бўлса, жамоатга ўгирилишидан олдин ўқийди. Сўнгра қуйидаги дуони айтади:
(لَا إلَهَ إلَّا الله وحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَه، لَهُ المُلْكُ، ولَهُ الحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شيءٍ قَدِيرٌ، لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إلَّا بالله، اللَّهُمَّ لَا مَانِعَ لِمَا أعْطَيْتَ، ولَا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلَا يَنْفَعُ ذَا الجَدِّ مِنْكَ الجَدُّ، لَا إلَهَ إلَّا الله، وَلَا نَعْبُدُ إلَّا إيَّاهُ، لَهُ النِّعْمَةُ وَلَهُ الفَضْلُ، وَلَهُ الثَّنَاءُ الحَسَنُ، لَا إلَهَ إلَّا الله مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَو كَرِهَ الكَافِرُونَ).
«Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қадийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта, ва лаа янфаъу заль-жадди минкал-жадд. Ла илаҳа иллаллоҳ, ва лаа наъбуду иллаа иййааҳу, лаҳун-ниъмату ва лаҳул-фазлу ва лаҳус-санааул-ҳасан. Лаа илааҳа иллаллоҳу мухлисийна лаҳуд-дийн ва лау кариҳал-каафируун».18
Маъноси: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз ва шериксиз Зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники. У барча нарсага қодир. Аллоҳим, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқ. Сенинг ҳузурингда улуғлик-бойлик эгасига улуғлиги-бойлиги фойда бермайди. Ҳаракат ва қувват ёлғиз Аллоҳ мадади биландир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Биз фақат Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат ҳам, фазл ҳам, гўзал ҳамду сано ҳам Уникидир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да динни У учун холис қилувчилармиз».
Ҳар намоздан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадисларга асосланиб, 33 марта «субҳаналлоҳ», 33 марта «алҳамдулиллаҳ», 33 марта «Аллоҳу акбар» ва юзинчисида «лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодир» , дейди. Сўнгра «Оятал курси», «Қул ҳу валлоҳу аҳад», «Қул аъузу би роббил фалақ» ва «Қул аъувзу би роббин нас»ни ўқийди. Учта «Қул» калимаси билан бошланган ушбу сураларни бомдод ва шом намозидан кейин уч мартадан ўқийди.
Ушбу зикрлар фарз эмас, суннатдир.
Ҳар бир мусулмон ва муслима учун пешин намози(нинг фарзи)дан олдин тўрт ракаат, пешиндан кейин икки ракаат, шом ва хуфтон намозларидан кейин икки ракаат ва бомдод намозидан олдин икки ракаат, жами ўн икки ракаат нафл намоз ўқиши суннатдир. Бу 12 ракаат намоз «Ротиба суннат намозлари» деб аталиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муқимликларида мунтазам ўқир эдилар. Аммо сафарда бўлганларида уларни ўқимас, фақатгина бомдоддан олдинги икки ракаатни ва витр намозини ўқир эдилар. Бомдоддан олдинги икки ракаатни ва витр намозини муқимликда ҳам, сафарда ҳам ўқирдилар.
Мазкур «Ротиба суннатлар намозларни» ва витр намозини уйда ўқимоқ афзал, масжидда ўқишликнинг эса зарари йўқдир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
(أفْضَلُ صَلَاةِ المَرْءِ في بَيْتِهِ، إلَّا الصَّلَاةَ المَكْتُوبَةَ).
«Кишининг фарз намозларидан ташқари энг афзал намози уйида ўқиган намозидир», деганлар.19
Бу 12 ракаатни мунтазам ўқиб юриш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан Жаннатга кириш сабабларидандир:
(مَنْ صَلَّى اثْنَتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً فِي يَومٍ وَلَيْلَةٍ، بُنِيَ لَه بِهِنَّ بَيْتٌ فِي الجَنَّةِ).
«Ким бир кеча ва кундузда ўн икки ракаат нафл намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бунёд қилади».20
Агар киши аср намозидан олдин тўрт ракаат, шом намозидан олдин икки ракаат ва хуфтондан олдин икки ракаат намоз ўқиса — бу яхши, чунки бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ривоятлар келган. Агар у пешиндан кейин тўрт ракаат ва пешиндан олдин ҳам тўрт ракаат ўқиса — бу ҳам яхши. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
(مَنْ حَافَظَ عَلَى أَرْبَعِ رَكَعَاتٍ قَبْلَ الظُّهْرِ، وَأَرْبَعٍ بَعْدَهَا حَرَّمَهُ اللَّهُ عَلَى النَّارِ).
«Ким пешиндан олдинги ва ундан кейинги тўрт ракъатга муҳофаза қилса, уни Аллоҳ дўзахга ҳаром қилади».21 Маъноси шуки: у пешиндан кейинги суннат намозига икки ракаат қўшмоқда. Чунки пешин намозининг муаккад суннати — тўрт ракаат пешиндан олдин ва икки ракаат кейин ўқишликдир. Агар киши пешиндан кейин яна икки ракаат қўшса, у ҳолда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда зикр этилган савобга эришади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абудуллоҳга, У кишининг оиласи, саҳобалари ва то қиёматгача У зотга эргашганларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!
***
Муслим ривояти 224.
Имом Бухорий 5782-рақам.
Имом Бухорий 744 ва имом Муслим 598.
Имом Муслим 399.
Имом Бухорий 756.
Имом Бухорий 817 ва имом Муслим 484.
Имом Бухорий 711 ва имом Муслим 598.
Имом Муслим 477.
Имом Муслим 479.
Имом Бухорий 788 ва имом Муслим 493.
Тирмизий 284, Абу Довуд 850 ва Ибн Можа 898.
Имом Бухорий 797 ва имом Муслим 402.
Имом Бухорий 1311 ва имом Муслим 588.
Насоий ривояти 1298.
Имом Муслим 402.
Имом Муслим 591.
Имом Муслим 402.
Имом Бухорий 6860.
Имом Муслим 728.
Имом Ахмад ривояти 25547, Тирмизий 393 ва Абу Довуд 1077.
Бухорий ривояти 605.