PHPWord

 

 

 

دَفْنُ المَوتَى فِي المَسَاجِدِ

 

 

Маййитларни масжидларга дафн қилиш

 

 

 

لِسَمَاحَةِ الشَّيْخِ العَلَّامَةِ

عَبْدِ العَزِيزِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ بَازٍ

رَحِمَهُ اللهُ

 

 

Муаллиф Шайх ҳазратлари

Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

 


بِسْمِ اللهِ الرَّحمَنِ الرَّحِيمِ

Ўн биринчи рисола:

Маййитларни масжидларга дафн қилиш

Бисмиллаҳ. Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳга ва уларнинг аҳллари ҳамда У зотнинг йўлидан юрганларга салавоту саломлар бўлсин. Аммо баъд:

Мен "Хартум" газетасининг 1415 ҳижрий йил, 17-Рабиул ахир ойида нашр қилинган сонини кўриб чиқдим. Унда, шундай маълум қилинган эдики, жаноб Муҳаммад Ҳасан Идрисий ўз отасининг ёнида, Умму Дарман шаҳридаги масжидларида дафн қилинган... ва ҳоказо.

Аллоҳ таоло мусулмонларга насиҳат қилишни, мункарни инкор қилиш ва баёнлаб беришни вожиб қилгани учун масжидларга дафн қилиш мумкин эмаслигини баёнлаш керак деб топтим. Аксинча, бу амал (қабрлар устига масжид қуриш) ширк амалларидан ҳамда Аллоҳ ва расули қоралаган, лаънатлаган амаллардандир.

Саҳиҳайнда Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«لَعَنَ اللَّهُ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى، اتَّخَذُوا قُبُورَ أَنْبِيَائِهِمْ مَسَاجِدَ».

«Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Пайғамбарларининг қабрини масжид қилиб олишди», – деганлар. Саҳиҳ Муслимда Жундуб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«أَلَا وَإِنَّ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ كَانُوا يَتَّخِذُونَ قُبُورَ أَنْبِيَائِهِمْ وَصَالِحِيهِمْ مَسَاجِدَ، أَلَا فَلَا تَتَّخِذُوا الْقُبُورَ مَسَاجِدَ؛ فَإِنِّي أَنْهَاكُمْ عَنْ ذَلِكَ».

«Билиб қўйинглар! Сизлардан олдин ўтганлар анбиёлари ва солиҳларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Ҳой! Қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман!», – дедилар. Бу маънодаги ҳадислар жуда кўп.

Ҳамма ердаги мусулмонларга, ҳукуматлару халқларга Аллоҳ таолога тақво, қайтарган ишидан қайтиш ва маййитларни масжид ташқарисига дафн қилиш вожиб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари — розияллоҳу анҳум — вафот этганларни масжиддан ташқарида дафн қилар эдилар. Шунингдек, уларга яхшилик билан эргашганлар ҳам шундай қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва икки асҳоблари Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумоларнинг қабри У зотнинг масжидларида экани вафот этганларни масжидга дафн қилиш учун ҳужжат эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз уйларида — Оиша разияллоҳу анҳонинг хонасида — дафн қилинган эдилар. Кейин икки асҳоблари ҳам у ерга дафн қилинди. Валид ибн Абдулмалик ҳижратнинг биринчи асри охирида масжидни кенгайтирганда, бу ҳужрани масжидга киритди. Бу ишни уламолар инкор қилганлар, аммо, у киши бу кенгайтиришга тўсқинлик қилмайди, бу масалада тушунмовчилик йўқ деб ҳисоблаган.

Шу билан ҳар бир мусулмонга ойдин бўладики: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари масжидда дафн қилинмаганлар. Уларни масжидга киритиш кенгайтириш сабабли бўлган, бу эса масжидларда дафн қилиш мумкинлигига далил бўла олмайди. Чунки улар масжидда эмас, аксинча, У зотнинг уйларида дафн қилинганлар. Валид ибн Абдулмаликнинг амали эса бу масалада ҳеч ким учун ҳужжат бўла олмайди. Ҳақиқий ҳужжат фақат Қуръон ва суннат ҳамда умматнинг салафи солиҳларининг ижмоъсидир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва бизларни уларга гўзал тарзда эргашганлардан қилсин.

Насиҳат ва зиммадан халос қилиш учун бу 14/ 5/ 1415 ҳижрий йилда ёзилди.

Аллоҳнинг ўзи тавфиқ берувчи. Пайғамбаримиз Муҳаммадга ва У зотнинг оилалари, асҳоблари ва уларга гўзал тарзда эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин.

 

 

***