PHPWord

 

 

التَّحْذِيرُ مِنْ بِنَاءِ المَسَاجِدِ

عَلَى القُبُورِ

 

 

Қабрларнинг устига масжид қуришдан огоҳлантириш

 

 

 

لِسَمَاحَةِ الشَّيْخِ العَلَّامَةِ

عَبْدِ العَزِيزِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ بَازٍ

رَحِمَهُ اللهُ

 

 

Муаллиф Шайх ҳазратлари

Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз

 


بِسْمِ اللهِ الرَّحمَنِ الرَّحِيمِ

Ўнинчи рисола:

Қабрларнинг устига масжид қуришдан огоҳлантириш.

«Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамд ва Расулуллоҳга Аллоҳнинг саломи ва салавоти бўлсин.

Аммо баъд: Исломий илмлар уюшмаси журналининг учинчи сондаги (Ой ичидаги мусулмонлар хабарлари) бўлимида чоп этилган хабарларни ўқиб чиқдим. Унда шундай дейилган: «Исломий илмлар уюшмаси Иордания Ҳошимийлар Қироллигида яқинда топилган Раҳиб қишлоғидаги ғор устида масжид қуришни режалаштирмоқда. Бу ғор «Қуръони каримда зикр қилинган Каҳф аҳлининг ухлаган жойи», деб айтилмоқда», деб якунланган.

Аллоҳга ва Унинг бандаларига насиҳат қилиш бобидан, Иордания Ҳошимийлар Қироллигидаги Исломий Фанлар Уюшмасига ушбу журналда бир мурожаат йўллашни лозим деб топдим. Мазкур мурожаатнинг мазмуни: Уюшмани ўша маъруф ғор устида масжид қуриш ниятидан воз кечишга чақиришдир. Чунки пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва уларнинг қабрлари устида масжидлар қуриш Ислом шариатида тақиқланган ва бу ишлардан қайтарилган. Бунинг сабаби, бундай ишлар ширкка олиб борувчи восита экани ва пайғамбарлар ҳамда солиҳларнинг ҳақларида ғулувга йўл очишидир. Шариат бундай иш қилувчиларни лаънатлаган. Ҳозирги кунда бўлаётган ҳодисалар шариат олиб келган нарсалар тўғрилигига гувоҳ, Аллоҳ томонидан эканига далил ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу динни Аллоҳдан олиб келганларига ва уни тўлиқ ҳолда етказганларига очиқ-ойдин ҳужжатдир. Кимки Ислом оламидаги ҳолатларни, зиёратгоҳлар устидаги масжидларни, уларни улуғлаш, безатиш ҳамда қозондиқлар тайинлаш каби ишлар сабабли содир бўлган ширк ва ғулувни диққат билан ўрганса, шубҳасиз, уларнинг ширкка олиб борувчи восита эканини тушунади. Ислом шариатининг бу ишлардан қайтариши ва уларни тақиқлаши унинг мукаммаллигини намоён қилади.

Бу нарсада ворид бўлган ҳадислардан имом Бухорий ва имом Муслим раҳимаҳуллоҳлар Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисдир. Унда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«لَعَنَ اللَّهُ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى، اتَّخَذُوا قُبُورَ أَنْبِيَائِهِمْ مَسَاجِدَ، قالَتْ عَائِشَةُ: يُحَذِّرُ مَا صَنَعُوا، قالَتْ: وَلَوْلَا ذَلِكَ لَأُبْرِزَ قَبْرُهُ، غَيْرَ أَنَّهُ خُشِيَ أَنْ يُتَّخَذَ مَسْجِدًا».

«Аллоҳ яҳудий ва насороларни лаънатласин, пайғамбарларининг қабрини масжид қилиб олишди!» деб, улар сингари иш қилишдан огоҳлантирар эдилар. Оиша разияллоҳу анҳо яна айтадилар: «Агар шу (сўзлари) бўлмаганида, У зотнинг қабрлари кўринадиган қилиб қўйилар эди. Бироқ унинг масжид қилиб олинишидан қўрқилди». Саҳиҳайнда Умму Салама ва Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳабашистонда ичида суратлар бор бир черков кўришганини айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«أُولَئِكَ إِذَا مَاتَ فِيهِمُ الرَّجُلُ الصَّالِحُ؛ بَنَوْا عَلَى قَبْرِهِ مَسْجِدًا، وَصَوَّرُوا فِيهِ تِلْكَ الصُّوَرَ، أُولَئِكَ شِرَارُ الْخَلْقِ عِنْدَ اللَّهِ».

«Ана ўшалар ораларида солиҳ киши бўлиб, у ўлса, қабри устига масжид қуришар ва унинг ичига ўша суратларни солишарди. Ана ўшалар Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон одамлардир», дедилар.

Саҳиҳи Муслимда Жундуб ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан беш кун олдин шундай деганларини эшитдим:

«إِنِّي أَبْرَأُ إِلَى اللَّهِ أَنْ يَكُونَ لِي مِنْكُمْ خَلِيلٌ، فَإِنَّ اللَّهَ قَدِ اتَّخَذَنِي خَلِيلًا، كَمَا اتَّخَذَ إِبْرَاهِيمَ خَلِيلًا، وَلَوْ كُنْتُ مُتَّخِذًا مِنْ أُمَّتِي خَلِيلًا، لَاتَّخَذْتُ أَبَا بَكْرٍ خَلِيلًا، أَلَا وَإِنَّ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ كَانُوا يَتَّخِذُونَ قُبُورَ أَنْبِيَائِهِمْ وَصَالِحِيهِمْ مَسَاجِدَ، أَلَا فَلَا تَتَّخِذُوا الْقُبُورَ مَسَاجِدَ، فَإِنِّي أَنْهَاكُمْ عَنْ ذَلِكَ».

«Мен Аллоҳга бирортангиз билан халил тутинмаслигимни айтаман. Аллоҳ таоло Иброҳимни халил тутганидек, мени ҳам халил тутди. Агар умматимдан халил тутинсам, Абу бакр билан халил тутинган бўлар эдим. Билиб қўйинглар, сизлардан олдин ўтганлар пайғамбарлари ва солиҳларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Ҳой! Қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман!» Бу бобга оид хадислар кўп.

Ислом уламоларидан бўлган имомлар (тўрт мазҳаб ва бошқаларнинг барчаси) қабрлар устига масжид қуришдан қайтарганлар ва бундан огоҳлантирганлар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига амал қилиш, умматни яҳудий ва насронийларнинг ғулуви каби ғулувдан ҳамда уларга ўхшаган бу умматнинг адашганлари каби адашишдан ҳимоя қилиш учун қилинган.

Иорданиядаги Исломий илмлар уюшмаси ва бошқа мусулмонлар суннатни маҳкам ушлаши, имомлар йўлидан юриши ҳамда Аллоҳ ва расули қайтарган ишдан қайтариши вожиб. Бандаларнинг салоҳияти, саодати ҳамда дунё ва охиратдаги нажоти шу ишдадир. Бу бобда баъзи одамлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига боғланиб қолган:

﴿...قَالَ ٱلَّذِينَ غَلَبُواْ عَلَىٰٓ أَمۡرِهِمۡ لَنَتَّخِذَنَّ عَلَيۡهِم مَّسۡجِدٗا﴾

«Ишларига ғолиб келганлар эса: «Уларнинг устларига, албатта, масжид қуриб олурмиз», дедилар» [Каҳф: 21].

Бунга жавоб: Аллоҳ таоло ўша замондаги бошлиқлар ва султонлар шу сўзни айтгани ҳақида хабар берди. Улардан рози бўлиш ва ишларини мақуллаш бобидан эмас. Аксинча, ёмонлаш, айблаш ва ишларидан огоҳлантириш учун зикр қилди. Бу оят нозил бўлган ва тафсирини энг яхши билган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига масжид қуришдан қайтаришлари, ундан огоҳлантиришлари, бу ишни қилган инсонни айблаб, лаънатлашлари ҳам, Аллоҳнинг наздида энг ёмон инсон дейишлари ҳам шунга далолат қилади.

Агар бу нарса мумкин бўлганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга нисбатан бунчалик қаттиққўллик қилмасдилар ва бундан шунчалик қаттиқ огоҳлантирмасдилар. Ҳатто буни қилган кимсани лаънатлаганлар ва уни Аллоҳнинг наздида энг ёмон махлуқлардан эканини хабар қилганлар. Бу эса ҳақиқатни изловчи киши учун етарли далил ва ишончли огоҳлантиришдир. Агар қабрлар устида масжидлар қуриш биздан олдинги умматларлар учун мумкин бўлган деб тасаввур қилсак ҳам, бизга бу борада уларга эргашиш жоиз эмас. Чунки бизнинг шариатимиз олдинги шариатларнинг барчасини насх (бекор) қилувчидир. Бизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг сўнгиси бўлиб, У зотнинг шариати тўлиқ ва умумийдир. Дарҳақиқат, У зот қабрлар устида масжидлар қуришни бизга тақиқладилар. Шундай экан, У зотнинг бу кўрсатмаларига зид иш қилишимиз жоиз эмас. Биз У зотга эргашишимиз, келтирган шариатига амал қилишимиз ва унга зид бўлган барча олдинги шариатлар ва баъзилар наздида яхши деб ҳисобланган одатлардан воз кечишимиз лозим. Чунки Аллоҳнинг шариатидан тўлиқроқ шариат ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳидоятларидан яхшироқ ҳидоят йўқ.

Аллоҳга дуо қиламизки, биз ва бошқа мусулмонларга то Ўзига йўлиққинимизга қадар очиқ ва хуфёна бўлган сўз ва амалларимизда пайғамбаримизга эргашиб яшашимизни насиб қилсин ва динида собит қилсин.

Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммадга ва у кишининг оиласи, саҳобалари ҳамда қиёмат кунигача Унинг ҳидоятига эргашганларга салавот ва саломлар бўлсин!

 

***