БАХТЛИ ҲАЁТ УЧУН ФОЙДАЛИ ВОСИТАЛАР (Ўзбек)

Аллома шайх Абдураҳмон ибн Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳнинг «Бахтли ҳаёт учун фойдали воситалар» номли китоби чуқур иймон нуқтаи назаридан ҳақиқий бахтга элтувчи сабабларни баён қилади; у ўқувчига иймон, солиҳ амал, Аллоҳни зикр қилиш, қаноат, неъматлар ҳақида тафаккур, эҳсон, таваккал, сабр ҳамда ишларни тўғри баҳолаш ва ўлчовини билиш орқали қалб хотиржамлигига етакловчи йўл-йўриқни кўрсатади. Ҳаётнинг турли ўзгаришларига қарамай хотиржам, муътадил ва бахтли ҳаёт йўлининг расмини чизиб беради.

  • earth Тил
    (Ўзбек)
  • earth Муаллиф:
    الشيخ عبدالرحمن بن ناصر السعدي

Бошқа таржималар 57

ta تاميلي- தமிழ் bn بنغالي- বাংলা tr تركي- Türkçe zh صيني- 中文 ha هوسا- Hausa ar عربي- العربية ur أردو- اردو hi هندي- हिन्दी ms ملايو- Melayu en إنجليزي- English ps بشتو- بشتو fr فرنسي- Français ru روسي- Русский sw سواحيلي- Kiswahili fa فارسي- فارسي uz أوزبكي- Ўзбек id إندونيسي- Indonesia tl فلبيني تجالوج- Tagalog gu غوجاراتية- ગુજરાતી te تلغو- తెలుగు si سنهالي- සිංහල as آسامي- অসমীয়া es إسباني- español bs بوسني- bosanski pt برتغالي- português ro روماني- română rw كينيارواندا- Kinyarwanda pl بولندي- polski ml مليالم- മലയാളം mg ملاغاشي- Malagasy lt ليتواني- lietuvių am أمهري- አማርኛ ka جورجي- ქართული ku كردي- Kurdî kn كنادي- ಕನ್ನಡ it إيطالي- italiano cs تشيكي- čeština prs دري- فارسی دری sr صربي- Српски lo لاو- ພາສາລາວ dv ديفهي- ދިވެހި jo جوالا- Jóola sx سوننكي- Soninke ky قرغيزي- Кыргызча nl هولندي- Nederlands pa بنجابي- ਪੰਜਾਬੀ th تايلندي- ไทย mk مقدوني- македонски vi فيتنامي- Tiếng Việt ceb بيسايا- Bisaya hu هنجاري مجري- magyar ne نيبالي- नेपाली yo يوربا- Èdè Yorùbá km خميرية- ភាសាខ្មែរ my بورمي- ဗမာ bg بلغاري- български sl سلوفيني- slovenščina
PHPWord

 

 

 

الوَسَائِلُ المُفِيْدَةُ لِلحَيَاةِ السَّعِيْدَةِ

 

 

БАХТЛИ ҲАЁТ УЧУН ФОЙДАЛИ ВОСИТАЛАР

 

 

الشَّيْخُ عَبْدُ الرَّحمَنِ بْنُ نَاصِرٍ السَّعْدِيُّ

رَحِمَهُ اللهُ

 

Шайх Абдураҳмон ибн Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ

 

 


بِسْمِ اللهِ الرَّحمَنِ الرَّحِيمِ

Муаллиф муқаддимаси

Барча ҳамдлар хос Аллоҳга бўлсин. Ёлғиз, шериги йўқ Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳнинг У зотга, оиласи ва асҳобларига салавоту саломлари бўлсин!

Аммо баъд: Қалб роҳати, ҳотиржамлиги, хурсандчилиги ва ғам-ғуссадан холи бўлиши ҳар бир инсоннинг мақсадидир. Шу билан яхши ҳаёт ҳосил бўлади ва шодлигу хурсандчилик комил бўлади. Бунга етишиш учун диний, табиий ва амалий сабаблар мавжуд. Буларнинг барчаси фақатгина мўминларда жамланади. Улардан бошқаларда эса, оқиллари тиришиб топган сабабларга кўра бир томондан юқорида зикр қилинган нарсалар ҳосил бўлса ҳам бошқа кўплаган манфаатлироқ, собитроқ ва яхшироқ томонлардан ҳосил бўлмайди.

Мен ушбу рисоламда барча интиладиган бу юксак мақсадга етакловчи сабаблардан эсимга келганларини зикр қиламан.

Кимдир улардан кўпини тўғри бажариб, роҳатли ҳаёт кечирди ва бахтли турмушда яшади. Кимлардир уларнинг барчасида муваффақиятсиз бўлиб, азобли ҳаёт кечирди ва бахтсизлар ҳаётида яшади. Яна кимлардир ўртача ҳолатда бўлиб, ўзларига берилган насибага кўра яшадилар. Аллоҳ барча яхшиликларга тавфиқ беручи ва барча ёмонликларни даф қилишда Унга суяналадиган Зот.

Иймон ва солиҳ амал боби

Бахтга элтувчи сабабларнинг энг улуғи, асли ва асоси иймон ва солиҳ амал. Аллоҳ таоло айтади:

﴿مَنۡ عَمِلَ صَٰلِحٗا مِّن ذَكَرٍ أَوۡ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤۡمِنٞ فَلَنُحۡيِيَنَّهُۥ حَيَوٰةٗ طَيِّبَةٗۖ وَلَنَجۡزِيَنَّهُمۡ أَجۡرَهُم بِأَحۡسَنِ مَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ ٩٧

«Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» [Наҳл сураси: 97-оят].

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўминларга иймон ва солиҳ амалларни жамлаганлари учун бу дунёда хуш ҳаёт ва қарор топадиган даргоҳда эса гўзал мукофотни ваъда қилди.

Бунинг сабаби равшан. Чунки Аллоҳга тўғри иймон келтирган қалблар, ахлоқлар, дунё ва охиратни ислоҳ қилувчи солиҳ амалларга эга мўминларнинг ўзлари билан бирга хурсандчилик ва бахтга сабаб бўладиган, шунингдек, ғам-ғуссаю хавотирларни кетказишга сабаб бўладиган асослари ва манбалари бор.

Уларга берилаётган неъмат ва шодликларни қабул қилиб, шукр қиладилар ва фойдали ишларга ишлатадилар. Агар улар бу неъматларни шу тарзда ишлатсалар, ҳаётларига хурсандчилик ва берилган неъматларига барака, шукр қилувчилар савобига эришишга умид қилиш эшикларини очади. Бу эса ўша неъмат ва хурсандликлардан келадиган яхшиликлар ва баракалардан кўра каттароқ манфаатларга олиб келади.

Улар қийинчилик, зарар, ташвиш ва қайғулар орасидан кураша олганлари билан курашадилар, камайтирa олганларини камайтирадилар ва ечим топа олмаганларини гўзал сабр қилиш билан қарши оладилар. Қийинчиликларнинг натижасида ҳаётий барқарорлик, тажриба ва кучга эга бўладилар. Бундан ташқари сабр ҳамда савобу мукофотни умид қилиш каби амалларни бажарадилар. Сўнгра бу амалларнинг эвазига қийинчиликлар осонлашиб, уларнинг ўрнига тўғри йўл, яхши умидлар ҳамда Аллоҳнинг фазли ва мукофотига интилиш ҳосил бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида саҳих ҳадисларда шундай деганлар:

(عَجَبًا لِأَمْرِ المُؤْمِنِ، إِنَّ أَمْرَهُ كُلَّهُ خَيْرٌ، إِنْ أَصَابَتْهُ سَرَّاءُ شَكَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ، وَإِنْ أَصَابَتْهُ ضَرَّاءُ صَبَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ وَلَيْسَ ذَلِكَ لِأَحَدٍ إِلَّا لِلْمُؤْمِنِ).

«Мўминнинг иши ажойиб-да! Ҳар бир иш унинг учун яхшиликдир. Унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун яхшилик бўлади. Унга танглик етса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун яхшилик бўлади. Бу нарса фақат мўмингагина хосдир». Муслим ривояти.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадиси шарифда мўминга қандай хурсандчилик ёки қийинчилик келмасин, барчаси унинг ғанимаси, яхшилиги ва амалларининг самарасини кўпайтиришини хабар бердилар. Шунинг учун икки кишига бирор яхшилик ёки ёмонлик етса, уни қарши олишда иккаласининг ўртасида иймон ва солиҳ амаллари сабабли жуда катта фарқ бўлади. Иймон ва солиҳ амал билан сифатланган бу инсон яхшилигу ёмонликни шукр ва сабр билан қарши олади. Шу онда унинг ҳаётига хурсандчилик киради, уни шодлик ўраб олади, ғаму ғуссалар арийди, қайғулар кетади, юрак сиқилишдан халос бўлади ва унинг бахтсиз ҳаёти бахтли ҳаётга айланади. Бу сифатлар билан сифатланмаган инсонлар эса яхшиликларни димоғдорлик, манманлик ва туғён билан қарши олади. Ахлоқи бузилиб, уни ҳайвонлар каби очкўзлик ва нотинчлик ўраб олади. Яхшилик етганига қарамай, унинг қалби хотиржам бўлмайди, аксинча, кўп жиҳатлардан пароканда бўлади. У севимли нарсаларининг йўқолишидан қўрқиб, келиб чиқадиган кўплаб қаршиликлар ва нафснинг бир ўринда тўхтамай, доим бошқа нарсаларга интилгани учун ҳар доим парокандада бўлади. Бу нарсалар содир бўлиши ҳам бўлмаслиги ҳам ноаниқ. Гарчи назарий жиҳатдан ўша нарсалар қўлга киритилса ҳам, у юқорида айтилган сабаблар билан паришон бўлиб қолаверади. Қийинчиликларни эса қўрқув, ташвиш ва безовталик билан қарши олади. Ҳаёт машаққатлари, фикрий ва асабий касалликлар, яна ўзининг умидсизлиги ортидан келиб чиқадиган қўрқув натижасидаги энг ёмон ҳолатлар ҳақида сўрамасангиз ҳам бўлаверади. Унинг сабри йўқ ва унга таскин бериб, ҳолатини енгиллатадиган умиди ҳам йўқ.

Бунинг барчаси тажриба билан кўрилган. Шундай мисоллардан бирини яхшилаб ўрганиб, одамларнинг ҳолатига қиёсласангиз, иймонли ва иймонининг талабларига амал қилувчи киши, бунинг акси бўлган кишидан қанчалик фарқ қилишига амин бўласиз. Чунки бу дин Аллоҳнинг ризқи ва бандаларига берган турли хил фазлу карамига қаноат қилишга тарғиб қилади.

Мўмин киши касаллик ёки қашшоқлик каби барча учун бўлиши мумкин бўлган мусибатларга дучор бўлса, ўзидаги иймони, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиши ва қаноати билан хотиржам бўлади. У тақдир қилинмаган нарсани талаб қилмайди. Ўзидан юқоридагиларга эмас, қуйидагиларга қарайди. Балки унинг шодлиги, қувончи, дунёвий барча истакларига эришган, лекин, қаноати бўлмаган кишининг шодлигидан кўра кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Шу билан бирга иймон талабларига амал қилмайдиган киши қашшоқликка дучор бўлса ёки дунёвий истакларидан баъзиларини йўқотса, ниҳоятда бахтсиз ҳолда қолганини ва азоб чекаётганини кўрасиз.

Яна бир мисол: қўрқувга сабаб бўлувчи ҳодисалар юз берса, инсонни ташвишга солувчи нарсаларга дуч келса ҳақиқий мўминни қалби собит, нафси хотиржам бўлган ҳолда топасиз. Юзага келган бу вазиятни ўз фикри, сўзи ва амали билан қанчалик имкони бўлса, шунчалик бошқариб, яхши томонга йўналтиришга ҳаракат қилади. У ўзини бу ташвишли воқеага тайёрлаб боради, бу эса инсонни хотиржам қилади ва қалбини мустаҳкамлайди.

Иймондан маҳрум бўлган кишининг ҳаётида қўрқинчли вазиятлар содир бўлса, бу ҳолатнинг акси рўй бераётганини кўрасиз. Унинг виждони безовта бўлади, асаблари таранглашади, фикрлари парчаланади ва қўрқув ҳамда ваҳима унинг қалбини эгаллайди. У ташқи қўрқув ва ички безовталикнинг йиғиндисига айланади. Бу ҳолатни тасвирлаш қийин. Бундай одамларда махсус машқлар талаб қилинувчи табиий сабаблар топилмаса, уларнинг куч-қуввати етишмайди, асаблари таранглашади. Чунки уларда сабр қилишга ундайдиган иймон йўқ, айниқса, оғир ва ташвишли ҳолларда.

Тақводор ва фожир, мўмин ва кофир – ўз меҳнати билан топган жасорат ва қўрқувни енгиллатувчи табиий ҳиссиётларда шериклар. Лекин мўмин ўзининг кучли иймони, сабри, Аллоҳга бўлган таваккули ва У Зотга суяниши билан ажралиб туради. Шунингдек, Аллоҳнинг мукофотидан умид ҳисси уни янада жасур қилади, қўрқувни унга енгил қилади ва қийинчиликларини енгиллаштиради. Аллоҳ таоло айтади:

﴿إِن تَكُونُواْ تَأۡلَمُونَ فَإِنَّهُمۡ يَأۡلَمُونَ كَمَا تَأۡلَمُونَۖ وَتَرۡجُونَ مِنَ ٱللَّهِ مَا لَا يَرۡجُونَ...

«Агар алам чекаётган бўлсангиз, улар ҳам сиз алам чекаётганингиздек алам чекмоқдалар. Сиз эса, Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани умид қилмоқдасиз» [Нисо сураси: 104-оят]. Уларга қўрқувларини йўқ қиладиган Аллоҳнинг хос ёрдами ва мадади берилади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿...وَٱصۡبِرُوٓاْۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ

«Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир» [Анфол сураси: 46-оят].

Ғаму ташвишларни аритувчи сабаблардан: махлуқотларга сўз, ҳаракат ва яхшиликни ҳар хил турлари билан яхшилик қилиш. Аллоҳ таоло у билан яхши ва ёмон кимсадан қилган яхшилигига қараб ғам-ғуссаларни аритади. Лекин бу бўйича мўминда комилроқ насибаси бор. Яхшилик қиларкан бошқалардан ихлоси ва савоб умид қилиши билан ажралиб туради.

Аллоҳ унга яхшилик қилишни енгил қилиб қўяди. Чунки у Аллоҳга ихлос ва У Зотдан савоб умидида бажарса, унга яхшилик келишини ва ундан ёмонлик даф бўлишини умид қилади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿لَّا خَيۡرَ فِي كَثِيرٖ مِّن نَّجۡوَىٰهُمۡ إِلَّا مَنۡ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوۡ مَعۡرُوفٍ أَوۡ إِصۡلَٰحِۭ بَيۡنَ ٱلنَّاسِۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ ٱبۡتِغَآءَ مَرۡضَاتِ ٱللَّهِ فَسَوۡفَ نُؤۡتِيهِ أَجۡرًا عَظِيمٗا

«Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» [Нисо сураси: 114-оят].

Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчаси уларни амалга оширган шахс учун яхшилик эканини хабар берди. Яхшилик ўзига ўхшаш бошқа яхшиликни олиб келади ва ёмонликни даф этади. Аллоҳ таоло иймонли ва савоб умид қилувчи бандага улуғ ажрлар беришини хабар берди. Улуғ ажрлар жумласидан: ғаму ташвиш ҳамда безовталикларнинг йўқолишидир.

Манфаатли илм ва амал билан машғул бўлиш ҳақидаги боб

Асаблар зўриқиши ва қалбнинг баъзи безовталиклар билан банд бўлиши натижасида пайдо бўлган ташвишни даф қилиш сабабларидан бири: фойдали амаллар билан машғул бўлиш ёки фойдали илмларни ўрганишдир. Чунки бу ишлар қалбни уни ташвишга солган нарсадан чалғитади. Натижада инсон уни ғамга ботирган сабабларни унутиб юборади ва қалби шод бўлади, фаоллиги ортади. Бу сабаб ҳам мўмин ва бошқалар учун умумийдир. Бироқ мўмин бу ишларда ўз иймони, ихлоси ва савобни Аллоҳдан умид қилиши билан ажралиб туради. У ўрганаётган ёки ўргатаётган илм, амал қилаётган яхшилик, агар ибодат бўлса – ибодат бўлиб қолади. Агар дунёвий иш ёки одат бўлса, унга яхши ниятини шерик қилади. Шу билан Аллоҳга итоат қилишга ёрдамчи восита сифатида қўлланади. Бу услуб ғам-ғусса ва ташвишларни даф қилишда жуда катта таъсирга эга.

 

Қанчадан-қанча инсонлар ташвиш ва доимий безовталикка дучор бўлиб, турли хасталикларга гирифтор бўлганлар. Уларнинг самарали давоси эса уни ташвишга солган сабабларни унутиб, ўзининг муҳим ишлари билан банд бўлишидадир.

Шуғулланаётган иши нафси мойил бўладиган ва иштиёқ билан бажарадиган иш бўлиши лозим. Чунки бу манфаатли мақсад ҳосил бўлишига ёрдам беради. Аллоҳу аълам.

Ғам ва хавотирни даф қилиш йўлларидан бири – бугунги кун ишига тўлиқ диққатни қаратган ҳолда фикрни жамлаш ҳамда келажак ҳақида ортиқча қайғуришдан ва ўтган ишларга ғам чекишдан ўзини узоқ тутишдир.

Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Бухорий ва Муслим» ривоят қилган ҳадисда ғам ва қайғудан қутилиш учун Аллоҳдан паноҳ сўраганлар. Чунки қайтариб бўлмайдиган ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган ишларга мотам тутишдан фойда йўқ. Шунингдек, келажакда юз бериши мумкин бўлган нарсалардан қўрқиш туфайли келиб чиқадиган хавотир инсонга зарар келтириши мумкин. Шунинг учун банда бугунги куннинг фарзанди бўлиши, ҳозирги кун ва вақтни ислоҳ қилишга бутун саъй-ҳаракатини йўналтириши лозим. Қалб бу йўлда жам бўлса, амалларни мукаммал бажаришга сабаб бўлади ҳамда инсон ғам ва қайғудан тасалли топади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилганларида ёки умматларига дуо қилишни тавсия этганларида Аллоҳдан ёрдам сўраш ва Унинг фазлидан умид қилиш билан бирга, истаган мақсадига эришиш учун меҳнат қилиш ва жидду жаҳд билан ҳаракат қилишга, ишдан тўсадиган нарсалардан ҳоли бўлишга даъват қилганлар. Чунки дуо амал билан чамбарчас боғлиқ. Банда дини ва дунёсига фойдали бўлган ишларда тиришиб, Аллоҳдан мақсади рўёбга чиқишини ва унга ёрдам беришини сўрайди. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

(احْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعُكَ وَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ وَلَا تَعْجِزْ، وَإِذَا أَصَابَكَ شَيْءٌ فَلَا تَقُلْ: لَوْ أَنِّي فَعَلْتُ كَذَا كَانَ كَذَا وَكَذَا، وَلَكِنْ قُلْ: قَدَرُ اللَّهِ وَمَا شَاءَ فَعَلَ، فَإِنَّ لَوْ تَفْتَحُ عَمَلَ الشَّيْطَانِ).

«Сенга фойда берувчи нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан ёрдам сўра ва ожиз бўлма! Агар бирор нарса сени бошингга келса, "Агар шундай қилганимда, ундай бўлар эди", деб айтма. Аксинча: "Аллоҳ тақдир қилди ва У хоҳлагани бўлди", деб айт! Чунки "агар" сўзи шайтоннинг эшигини очади». Муслим ривояти.

Шу тариқа Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ҳолатда фойдали нарсаларга аҳамият беришни, Аллоҳдан ёрдам сўрашни, зарарли ожизликка берилишдан узоқ бўлишни, ўтган ишларга таслим бўлиш ва Аллоҳнинг ҳукми ва тақдирини қабул қилишни бирлаштирдилар.

Шундай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишларни иккига бўлдилар: биринчиси банда саъй-ҳаракат қилиб, ишлатиши ёки фойдаланиши, уни даф этиши ёки камайтириши мумкин бўлган ишлар. Бундай ҳолатда, банда ўзининг барча куч-ғайратини ишга солади ва Унга ибодат қиладиган Зотдан ёрдам сўрайди. Иккинчиси банданинг ишларга таъсир қилиш имкони бўлмаган ҳолат. Бундай ҳолатда, банда унинг қаршисида хотиржам бўлади, рози бўлади ва таслим бўлади. Шубҳасиз, ушбу қоидага риоя қилиш хурсандчиликка, ғам ва ташвишларни кетишига сабаб бўлади.

Аллоҳ зикрини кўпайтириш ҳақидаги боб

Қалб қувонадиган ва ҳотиржам бўладиган сабабларнинг энг катталаридан: «Аллоҳ зикрини кўпайтириш».

Албатта бунинг қалб қувончи ва ҳотиржамлилигида ғаму ташвишлар аришида ажиб таъсири бор. Аллоҳ таоло айтади:

﴿...أَلَا بِذِكۡرِ ٱللَّهِ تَطۡمَئِنُّ ٱلۡقُلُوبُ

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур [Раъд сураси: 28-оят]. Аллоҳ зикрининг ўзига хос хусусияти бўлгани ҳамда банда унинг савоби ва ажрини умид қилгани сабабли бу мақсадга эришишда улкан таъсирга эга.

Шунингдек, Аллоҳнинг зоҳирий ва ботиний неъматларини зикр қилиш ва улар ҳақида сўзлаш ҳам ғам- қайғуни кетказади. Ҳаттоки инсон қашшоқлик, касаллик ёки бошқа бало-офатлар билан балоланган бўлса ҳам, бу неъматларни англаш ва улар ҳақида гапириш инсонни шукр қилишга ундайди. Шукр қилиш эса энг олий ва энг юксак мартабалардан бири ҳисобланади. Чунки инсон Аллоҳнинг неъматларини бошига тушган қийинчиликлар билан солиштирса, қийинчиликлар неъматлар олдида ҳеч бир қийматга эга эмаслигига амин бўлади.

Аксинча, инсонга Аллоҳ томонидан бирор мусибат келса ва у мусибатга сабр қилиб, розилик ила таслим бўлса, мусибатнинг таъсири камайиб, оғирлиги енгиллашади. Бундан ташқари, мусибатнинг ажру савобини умид қилиш ҳамда Аллоҳга сабр ва розилик билан ибодат қилиш, аччиқ нарсаларни ширинга айлантиради, ажр ҳаловати эса сабр аччиқлигини унуттириб қўяди.

Бу мавзуга доир энг фойдали нарсалардан бири – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларида берган тавсияларини қўллаш. У зот шундай деганлар:

(انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلُ مِنْكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ).

«Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан пастдагиларга қаранглар Албатта шу ишинглар Аллоҳнинг неъматларини камситмаслигингизга сабаб бўлади». Бухорий ривояти.

Банда ушбу улуғ кўрсатмани кўз олдига келтирса, унинг аҳволи қанча ёмон бўлса ҳам кўплаган инсонлардан саломатлик, ризқ ва шу каби неъматларда афзал эканини кўради ва англаб етади. Ўзидан кўра камроқ неъмат берилганларга боққанда, Аллоҳ унга қанчалаган неъматларни берганини кўриб унинг ташвишу қайғуси бартараф бўлади, хотиржамлиги ва шукронаси ортади.

Банда Аллоҳнинг зоҳирий ва ботиний, диний ва дунёвий неъматлари ҳақида қанчалик чуқур тафаккур қилса, Раббиси унга қанчалик кўп яхшиликлар берганини ва ундан турли ёмонликларни даф этганини англайди. Шубҳасиз, бу тафаккури ғам-қайғуларини аритади ҳамда қувонч ва хурсандчилик туйғуларини пайдо қилади.

Хурсандчиликка эришиш ва қайғу ғамдан ҳалос бўлишга сабаб бўладиган омиллар

Хурсандчиликка эришиш ва қайғу ғамдан халос бўлишга сабаб бўладиган омиллардан бири – ғам олиб келадиган сабабларни бартараф этиш ва инсонни хурсанд қиладиган сабабларга интилишдир. Бу эса қайтариш мумкин бўлмаган ўтмишдаги мусибатларни унутиш орқали амалга ошади. Банда ўтган ёмон воқеалар ҳақида ўйлаши беҳуда ва имконсиз нарсалар ҳақида ўйлашга тенглигини англаши лозим. Беҳуда нарсалар ҳақида ўйлаш эса, ахмоқлик ва жиннилик. Шунинг учун у хаёлини бундай фикрлардан тийишга ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, банда келажак ҳақидаги хавотирларини, келажакда юз бериши мумкин бўлган қашшоқлик ёки қўрқув каби бошқа кўнгилсизликлар ҳақидаги хаёлларни қалбидан йўқ қилишга ҳаракат қилиши лозим. Инсон келажакда нима бўлишини билмайди: яхшиликми, ёмонликми, роҳатми ёки аламларми. Барчаси Азиз ва Ҳаким Зотнинг қўлида. Банданинг қўлида фақат яхши натижага эришиш ва зарарлардан сақланиш учун ҳаракат қилиш бор, холос. Агар банда келажак ҳақида хавотирланишни қўйиб, ишларини Раббига топширса ва Унга таяниб хотиржам бўлса, қалби ором топади, аҳволи яхшиланади ва ғам-ташвиши йўқолади.

Келажак ишларини яхшилашда энг фойдали нарсалардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуоларини қўллашдир:

(اللَّهُمَّ أَصْلِحْ لِي دِينِيَ الَّذِي هُوَ عِصْمَةُ أَمْرِي وَأَصْلِحْ لِي دُنْيَايَ الَّتِي فِيهَا مَعَاشِي، وَأَصْلِحْ لِي آخِرَتِيَ الَّتِي إِلَيْهَا مَعَادِي، وَاجْعَلِ الْحَيَاةَ زِيَادَةً لِي فِي كُلِّ خَيْرٍ، وَالْمَوْتَ رَاحَةً لِي مِنْ كُلِّ شَرٍّ).

«Аллоҳумма аслиҳ лии дийний ал-лазии ҳува исмату амри ва аслиҳли дунйаайаа ал-лати фииҳаа маъааший, ва аслиҳ лий аахиротий, ал-латии фииҳаа маъаадий. Важъалил-ҳаяаата зиядатан лии фии кулли хойр вал-мавта рооҳатан лии мин кулли шарр».

Маъноси: «Аллоҳим! Борлиғимнинг асоси бўлган динимни ислоҳ қилгин. Тирикчилигим бўлган дунёимни ислоҳ қилгин. Қайтар жойим бўлган охиратимни ислоҳ қилгин. Ҳаётни мен учун барча яхшиликларнинг зиёда бўлишига сабаб қилгин, ўлимни эса мен учун барча ёмонликлардан халос қилувчи роҳат қилгин». Муслим ривояти.

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуолари:

(اللَّهُمَّ رَحْمَتَكَ أَرْجُو فَلَا تَكِلْنِي إِلَى نَفْسِي طَرْفَةَ عَيْنٍ وَأَصْلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنتَ).

«Аллоҳим, Сенинг раҳматингни умид қиламан, мени бир зумга ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма ва барча ишларимни ислоҳ этгин. Сендан ўзга илоҳ йўқ». Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Банда келажакдаги дунёвий ва диний ишларининг ислоҳини истаб ушбу дуоларни холис ният ва ҳозир қалб билан қилса, сўнгра уларга эришиш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ унинг дуо ва умидларини қабул қилади ва унинг амалларини муваффақиятли қилади. Шу тариқа, унинг ташвишу ғамлари хурсандчилик ва қувончга айланади.

Энг ёмон оқибатларини тахмин қилиш боби

Бандага бирор мусибат етганида уни енгиллатиш учун энг фойдали омиллардан бири — унинг энг ёмон оқибатларини тахмин қилиш ва ўзини шунга тайёрлашдир. Сўнгра имкониятга қараб бу оқибатларни енгиллатишга ҳаракат қилади. Шу йўсинда ўзини тайёрлаш ва фойдали саъй-ҳаракат орқали унинг ғам-қайғуси йўқолади. Бундан ташқари, манфаатларни жалб қилиш ва имкони бўлган зарарларни даф қилиш йўлида ҳаракат қилади.

Агар инсон қўрқув, касалликлар, турли хил ўзига ёқадиган нарсаларни йўқотиш ва йўқчилик сабаблари билан юзма-юз келса, буни хотиржамлик ва ўзини шунга тайёрлаш билан қабул қилиши керак. Ҳатто бу ҳолатнинг энг оғир оқибатларига ҳам тайёр туриши зарур. Чунки ўзини мусибатларни қабул қилишга тайёрлаш уларнинг оғирлигини енгиллашти-ради ва таъсирини йўқотади.

Хусусан, қўлидан келадиган мусибатларга қарши курашса ва уларни бартараф этишга ҳаракат қилса, бу унинг диққатини ташвишлардан чалғитади. Шу билан бирга, инсон ўзини мусибатларга қарши курашиш кучини янгилашга уриниб, Аллоҳга таваккал қилади ва Унга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

Шубҳасиз, бу ишларнинг хурсандчилик ва қалбнинг ҳотиржамлигида катта фойдаси бор. Бундан ташқари, банда бу ҳаракатлари учун эрта ёки кеч ажр олишини умид қилади. Бу усул кўпчилик томонидан амалда синаб кўрилган бўлиб, унинг самараси жуда кўп воқеаларда кузатилган.

 

Қалбнинг кучли бўлиши, безовта бўлмаслиги ва ҳадеб таъсирланиб кетмаслиги

Қалбнинг асаб касалликларини, ҳатто жисмоний касалликларни ҳам даволашнинг энг улуғ воситаларидан бири — қалбнинг кучли бўлиши, ёмон фикрлар олиб келадиган хаёл ва тасаввурлар туфайли безовта бўлмаслиги ва таъсирланмаслигидир. Ғазаб ва саросима — оғриқли сабаблардан бўлиб, ёмонликларнинг содир бўлишини ёки яхши кўрилган нарсаларнинг йўқолишини тахмин қилиш одамни ташвиш ва қайғуларга, қалб ва тананинг касалликларига олиб келади. Бу ҳолат эса жуда ёмон таъсирга эга бўлган асаб бузилишларига сабаб бўлади. Кўпчилик бунинг турли зарарларини кўрган ва бошидан ўтказган.

Қачонки қалб Аллоҳга суяниб, Унга таваккал қилса, ҳаёллар ва ёмон тасаввурларга берилиб кетмаса, аксинча, Аллоҳга ишониб, Унинг фазлу карамини умид қилса, сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган даражада унинг ғам-ташвишлари кетади, қалб ва тананинг кўплаб касалликлари йўқолади. Қалб эса куч, хотиржамлик ва қувончга тўлади.

Қанчадан-қанча шифохоналар ёмон хаёл ва бузуқ тасаввурлар туфайли азият чеккан беморлар билан тўлган! Қанчадан-қанча кучли одамларнинг қалбларига бу нарсалар таъсир қилган, заиф одамлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Қанчадан-қанча одамлар бунинг натижасида ахмоқлик ёки ақлдан озишга учраган!

Аммо Аллоҳ ҳимоя қилган, ўз нафси билан курашишга, қалбни кучайтирувчи ва унинг ташвишларини кетказувчи фойдали сабабларни ҳосил қилиш учун ҳаракат қилишга муваффақ қилганлар эса омон қолган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

﴿...وَمَن يَتَوَكَّلۡ عَلَى ٱللَّهِ فَهُوَ حَسۡبُهُۥٓ...

«Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир...» [Талоқ» сураси: 3-оят]. Бу — Аллоҳ унинг дини ва дунёси билан боғлиқ барча ташвишларини ўз зиммасига олади, демакдир.

Аллоҳга таваккал қилган инсоннинг қалби бақувват бўлади. Унга ваҳималар таъсир қилмайди ва ҳодисалар безовта қилмайди. Чунки у биладики, бу нарсалар нафснинг заифлиги, ҳақиқати бўлмаган қўрқув ва кучсизликдан келиб чиққан. Шу билан бирга, Аллоҳга таваккал қилганларни Аллоҳ тамомий ўз зиммасига олишини билади. Шунинг учун Аллоҳга ишонади ва Унинг ваъдаси бўлгани учун хотиржам бўлади. Натижада, унинг ташвиш ва безовталиги йўқолади, унинг қийинчиликлари осонликка айланади, ғам-қайғуси хурсандчиликка алмашади, қўрқуви эса хотиржамликка айланади.

Биз Аллоҳдан офият, қалбимизга куч, собитлик ва тўлиқ таваккал бахш этишини илтижо қилиб сўраймиз. Чунки Аллоҳ таоло тўлиқ таваккал қилган бандаларига барча яхшиликларни беради ҳамда барча ёмонлик ва зарарларни даф қилади.

Бошқаларнинг камчиликларига сабр қилишга нафсни ўргатиш

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

(لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا خُلُقًا آخَرَ).

«Мўмин мўминага (хотинига) нисбатан нафрат қилмасин. Агар унинг бир хулқи ёқмаса, бошқа бир хулқи унга маъқул бўлади». Муслим ривояти.

Бу ҳадисда иккита жуда катта фойда бор:

Биринчиси: Хотин, қариндош, дўст, шерик ёки ўзаро алоқада бўлган ҳар қандай инсон билан муомала қилиш ҳақида йўл-йўриқ кўрсатилмоқда. Инсон ўзини шу нарсага тайёрлаши керакки, у албатта айрим камчиликларга ёки ёқимсиз хусусиятларга эга бўлади. Агар шундай нарсаларни кўрсангиз, буни ўша шахс билан ўрнатилган алоқанинг аҳамияти ва муҳаббатни сақлаш зарурати билан қиёслаб кўринг. Унинг яхшиликлари ва шахсий ёки умумий манфаатларини эслаб, ёмонликларига кўз юминг. Шу тариқа, камчиликларга кўз юмган ҳолда, яхши томонларини кўриб, дўстлик ва орадаги алоқа мустаҳкамланади, тинчлик ўрнатилади ва сиз учун хотиржамлик келади.

Иккинчи: Ташвиш ва қўрқувларни йўқотиш, дўстликнинг софлигини сақлаш, фарз бўлган ва тавсия этилган ҳуқуқларни бажаришда давом этиш, икки томон ўртасида тинчлик ўрнатиш. Кимки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган бу йўлни тутмаса, аксинча, ёмонлик-ларини кўриб, яхши томонларига кўз юмса, у албатта ташвишланади ва алоқаси бузилади. Шу билан бирга, икки томон орасидаги муҳаббатга зарар етади, ва ҳар иккиси муҳофаза қилиши керак бўлган кўпгина ҳуқуқлар бузилади.

Кўпгина юқори мақсадли инсонлар катта офатлар ва ташвишли ҳолатлар юз берганда ўзларини сабр қилишга ва хотиржам бўлишга тайёрлайдилар. Аммо аҳамиятсиз ва майда-чуйда ишлар юзасидан улар ташвишга тушадилар, хотиржамликлари бузилади. Бунга сабаб шундаки, улар ўзларини катта ишларга тайёрлаб, майда ишларга эътибор бермаганлари учун бу ишлар уларга зарар етказади ва тинчликларини олади. Доно инсон ўзини ҳам майда, ҳам катта ишларга тайёрлайди ва Аллоҳдан бу ишларга ёрдам беришини, ўзини нафсининг ҳукмига бир лаҳза ҳам ташлаб қўймаслигини сўрайди. Шунда катта ишлар осон бўлганидек, майда ишлар ҳам осон бўлади. Натижада у хотиржам қалб, осойишта руҳ билан тинч ҳаёт кечиради.

Ғам-ташвишлар ортидан узлуксиз эргашмаслик

Ақлли инсон ҳақиқий ҳаёт – бу саодат ва хотиржамликка тўла эканини ва у жуда қисқа эканини билади. Ҳақиқий ҳаётга зид бўлгани учун ғам-ташвишлар ва аламларга берилиб янада ҳаётини қисқартирмайди ва ҳаётини ғам-ғуссага қурбон қилмасликка ҳаракат қилади. Бу қоида ҳам мўмин ва фожирга нисбатан бир хил қўлланилади. Бироқ мўмин киши бу ҳаётнинг қадрини чуқурроқ тушунади ва бу хусусиятлар-дан дунёда ҳам, охиратда ҳам катта фойда олади.

Шунингдек, агар унинг бошига бирон бир ёмон мусибат тушса ёки тушишидан қўрқса, уни дунёвий ва диний неъматларга қиёслаши керак. Қиёс натижасида унинг неъматлари қанчалик кўплиги ва дуч келган ташвишлар қанчалик оз экани ойдинлашади.

Шунингдек, содир бўлишидан қўрқаётган зарар эҳтимоли билан ундан саломат қолиш эҳтимолларини қиёслаши керак. Заиф эҳтимоллар кучли эҳтимолларни енгиб қўйишига йўл қўймаслиги лозим. Бу орқали унинг ташвиши ва қўрқуви йўқолади. Шунингдек, у содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон эҳтимолни тасаввур қилиб, унинг рўй бериш эҳтимолига ўзини тайёрлайди, содир бўлмаганини қайтаришга, содир бўлганини эса енгиллаштиришга ҳаракат қилади.

Фойдали ишлардан яна бири – одамларнинг сизга берадиган зарари, хоссатан ёмон сўзларининг зарари сизга эмас, балки ўзларига зарар эканини билиш. Агар сиз бу сўзларга эътибор бериб, уларни қалбингиздан жой олишига йўл қўймасангиз, улар сизга зарар қилмайди. Лекин бу гапларга аҳамият бериб, бу гаплар ҳис-туйғуларингизни бошқаришига йўл қўйсангиз, уларга зарар бергани каби, сизга ҳам зарар келтиради.

Билингки, сизнинг ҳаётингиз сизнинг фикрларингизга боғлиқ. Агар сиз диний ёки дунёвий манфаат келтирувчи фикрлар ҳақида ўйласангиз, ҳаётингиз хушнуд ва бахтли бўлади. Акс ҳолда эса тескариси юз беради.

Ғамни даф қилиш учун энг фойдали ишлардан яна бири – қилган яхшилигингиз учун ҳеч кимдан миннатдорчилик кутишингиз керак эмас. Агар сизни устингизда ҳаққи бор одамга ёки ҳаққи бўлмаган кишиларга яхшилик қилсангиз, бу Аллоҳ билан бўлган муомалангиз эканини билинг. Сиз яхшилик қилган инсон сизга миннатдорчилик билдирадими йўқми эътибор берманг. Худди Аллоҳ таоло ўзининг ихлосли бандалари ҳақида айтганидек:

﴿إِنَّمَا نُطۡعِمُكُمۡ لِوَجۡهِ ٱللَّهِ لَا نُرِيدُ مِنكُمۡ جَزَآءٗ وَلَا شُكُورًا ٩

«Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз» [Инсон сураси: 9-оят].

Бу айниқса аҳли-аёлингиз ва фарзандларингиз билан муносабатда янада муҳим аҳамиятга эга. Чунки сиз уларга жуда қаттиқ боғлангансиз. Агар ўзингизни уларга ёмонлик қилишдан узоқ туришга ва уларнинг манфаатини кўзлашга тайёрласангиз, улар ҳам роҳат топади ва сиз ҳам оромга эришасиз.

Руҳий оромнинг муҳим сабабларидан бири – инсон яхши хислатларни (фазилатларни) ихлос билан, ўзининг ички ҳислари ва табиатига мос равишда бажариши ва амалга оширишидир. Бунда инсон ўзига мажбурият юкламасдан, такаллуфга берилмасдан ҳаракат қилиши лозим. Чунки такаллуф инсонни чарчатади, уни безовта қилади ва натижада яхши хислатларга етишолмайди.

Агар инсон нотўғри, қийин ва чалкаш йўлни танласа, у бу фазилатларга эришиш йўлида муваффақиятсизликка учрайди ва ноумид бўлиб қайтиши мумкин. Шунинг учун оқилона, табий ва содда йўлни танлаш орқали инсон нафақат яхши хислатларга, балки руҳан хотиржамликка ҳам эришади.

Инсон ҳаётдаги қийин ва хира ҳолатларни тоза ва ширин нарсаларга айлантиришни ўрганиши ҳикматдандир. Бу орқали лаззатларнинг ёрқинлиги ортади ва руҳий қийинчиликлар йўқолади.

Фойдали ишлар доимо кўз олдингизда бўлсин ва уларни амалга оширишга интилинг! Бошқа, зарар келтирувчи ишларга эътибор қаратманг, чунки бу ишлар ғам-қайғуга сабаб бўлади. Бу жараёнда тинчланишга ва муҳим ишларни амалга ошириш учун кучингизни жамлашга ҳаракат қилинг!

Фойдали ишлардан яна бири – уларни вақтида тугатишдир. Шундай қилсангиз, келажакда бошқа ишларга тайёр бўласиз. Агар ишларни вақтида тугатмасангиз, улар йиғилиб қолади ва келгуси ишлар билан бирга кучли оғирлик келтиради. Ҳар бир ишни ўз вақтида тугатсангиз, янги ишларга кучли фикрлаш ва фаол ишлаш қобилияти билан ёндашасиз.

Шунингдек, муҳим ишлардан энг зарурларини танлаб, уларга аҳамият бериш лозим. Қалбингиз яқин кўрган, ўзингизни жалб қилган ишларга кўпроқ эътибор беринг. Акс ҳолда зерикиш, чарчоқ ва ташвиш пайдо бўлиши мумкин. Бу йўлда тўғри фикр юритиш ва маслаҳатлашишдан фойдаланинг. Маслаҳат қилган инсон ҳеч қачон пушаймон бўлмайди. Ҳар бир режангизни пухта ўрганинг, агар манфаатли эканлигига ишонч ҳосил қилсангиз ва қарорга келсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг. Албатта Аллоҳ таваккал қилувчиларни яхши кўради.

Оламлар Раббига ҳамдлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммадга, У зотнинг аҳли-оилалари ва саҳобаларига салаво-ту саломлар йўлласин!

 

 

***

Мундарижа

Муаллиф муқаддимаси 2

Иймон ва солиҳ амал боби...........................................................3

Манфаатли илм ва амал билан машғул бўлиш ҳақидаги боб 11

Аллоҳ зикрини кўпайтириш ҳақидаги боб 16

Хурсандчиликка эришиш ва қайғу ғамдан халос бўлишга сабаб бўладиган омиллар.............................................18

Энг ёмон оқибатларни тахмин қилиш боби 21

Қалбнинг кучли бўлиши безовта бўлмаслигива ҳадеб таъсирланиб кетмаслиги 23

Бошқаларнинг камчиликларига сабр қилишга нафсни ўргатиш 25

Ғам ташвишлар орқасидан узлуксиз эргашмаслик 28

 

 

***